https://www.facebook.com/bbcuzbek/posts/977893138907486
http://bbc.in/1BNesjC
Суҳбат
Би-би-си:
Бу галги Би-би-си меҳмони Ўзбекистондан иқтисодчи олим Шуҳрат Бобохўжаев
бўладилар. Ассалому алайкум Шуҳрат ака, дастуримизга хуш келибсиз!
Шуҳрат
Бобохўжаев: Ваалайкум ассалом. Раҳмат.
Би-би-си:
Неъматуллаҳ Муҳаммадий исмли тингловчимиз Би-би-си Ўзбек Хизмати Фейсбукдаги
саҳифасига: "Тўғри иқтисод қандай бўлади?" деб савол қолдирганлар.
Марҳамат.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Иқтисодиётнинг асосий вазифаси ҳар бир жамиятда чекланган
заҳиралардан инсон эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беришдир. Лекин, бунинг
қанчалар тўғри амалга оширилиши жамиятнинг ўзига боғлиқ.
Би-би-си:
Янги бир тингловчимиз Фируз Аллаев: Нима деб ўйлайсиз, иқтисодимизнинг оёғига
болта ураётган монополияга қарши курашиш учун нималар қилиш керак? Бизда ҳамма
соҳанинг ўз монополлари бор ва бошқаларга ишлагани беришмайди. Бир қатор
соҳаларда давлат ёки бирор хусусий компания монополлигини тўхтатиб,
тадбиркорларга ва хорижий инвесторларга имкон бериш вақти келмадимикан?"
деб сўраганлар.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Фикрингизга қўшиламан. Ҳақиқитан ҳам, бизда муаммолар бор. Монополия
ростдан ҳам иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлиқ қилади. Лекин, 16 январ куни
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамаси мажлисида чиқиш қилиб,
айни масалага оид вазиятга аниқ таъриф берди. Ва мен унга тўлақонли қўшиламан.
Гап шундаки, бугун кўплаб соҳаларни молиялаш давлат ҳисобига тўғри келади.
Президент айнан шу жиҳатга эътибор қаратди. Яъни, асосий монополистлар қаторига
давлат ташкилотлари кириши ва уларнинг таъсирини камайтириш учун
иқтисодиётимиздаги давлатнинг иштироки ҳамда корхона, ташкилотларда улушини
қисқартириш зарурлигини айтди. Ўйлайманки, агар Президентнинг кўрсатмалари
амалга тадбиқ қилинса, бу натижа беради ва монополия билан боғлиқ муаммолар
камаяди. Масалан, бугунги кунда 2015 йилнинг 1 январдаги маълумотга қарайдиган
бўлсак, бизда 1088 акциядорлик жамияти амал қилади. Ва 12,7 триллион сўмлик
қимматли қоғозлар рўйхатга олинган. Шулардан 7,1 триллион сўми ёки 55,9%
давлатга тегишли. Бу албатта, катта улуш.
Би-би-си:
Яна бир тингловчимиз Мехмет Челебей: "Ҳозирги иқтисодий ривожланишни тўғри
деб ўйлайсизми? Тўғри бўлса, нимаси билан нимаси билан?" сўраганлар.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Бу саволга шундай жавоб берган бўлардим. Ҳар қандай мамлакатнинг
иқтисодий тараққиёти қанчалар тўғрилигини аҳоли турмуш кечириш даражаси,
халқнинг фаровонлигига қараб айтиш мумкин. Биздаги тараққиёт қанчалар тез
суръатларда бораётгани хусусида айтадиган бўлсам, ҳақиқатда ҳам сўнгги йилларда
ривожланиш бўлди, мустақилликнинг 23 йили давомида жуда кўп ютуқларга эришилди.
Аммо, айни пайтда фойдаланилмаган имкониятлар ҳам бўлди. Бундан-да кўпроқ
ислоҳотлар қилиш ва тараққиётга эришиш мумкин эди. Бундай ютуқлар ҳақида яна
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов январ ойидаги чиқишида гапириб ўтди.
Мустақиллик йилларида бизда кўп ўзгаришлар юз бергани ва халқимиз ривожланиш
томон анчайин олдинга қадам ташлаганини қайд этди. Мисол учун, бугунги кунда
аҳоли турли турдаги технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Юқори
технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар мамлакатга кириб келди. Энг
муҳими, ушбу маҳсулотларнинг аксариятини мамлакатимиз корхоналарида ўзимиз
ишлаб чиқарилмоқда. Албатта, бу ҳам турмуш кечириш даражаси қандайлигини
кўрсатади. Лекин, бошқа томонидан айрим аҳоли яшайдиган жойларга табиий газ,
электроэнергияси, ичимлик сувни доимий етказиб бериши оғирлашмоқда ва
таъминлашни масъул корхоналар тез-тез бажарилмаяпти. Бундан ташқари, жиддий
масалаларга инфляция даражаси, нархлар ўсиши, конвертация масаласи, коррупция
ва бошқалар киради.
Би-би-си:
Бундай муаммолар ортидаги асосий сабабларни нималарда кўрасиз ва уларни ҳал
этиш учун ҳукумат қандай йўл тутиши керак, сизнингча?
Шуҳрат
Бобохўжаев: Менинг ўйлашимча, муаммо биртомонлама эмас, турли жиҳатлари бор.
Масалан, электрэнергия секторидаги муаммолар жиҳозлар етишмаслиги билан боғлиқ
бўлиши мумкин. Бундан ташқари, шаҳарлар кенгаймоқда, ишлаб чиқариш кўпаймоқда,
албатта, барчасига электр қуввати зарур ёки, дейлик, табиий газга эҳтиёж
ўсмоқда ва ҳоказо. Хуллас, талабнинг ўсиши муаммоларни келтириб чиқариши тайин.
Би-би-си:
Лондондан Шоҳрух "Президент Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг йил
якунлари бўйича ўтказилган мажлисида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2014
йилда ўтган йилга нисбатан 8,1 фоизга ўсгани ҳақида" ҳам маълум қилганини
ёзади. Бу рақам қанчалар ишончли? Шахсан мен бунга ишонмайман, Ўзбекистон
ҳукумати нима учун бундай сохта ҳисоботлар тақдим қилади? Бундан нима манфаат
бор?" дея савол қўяди Шоҳрух.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Менимча, Шоҳрух янглишмаслиги, шу билан бирга бу рақамларга шубҳа
қилмаслиги лозим. Мен бу рақамлар ҳақиқатга яқин, деб ўйлайман. Буни халқаро
молиявий ташкилотлар ҳам, бизда ишлаётган ташкилотлар ҳам тасдиқлашади. Улар
ҳам ўз ҳисоботларида қарийб шундай рақамларни кўрсатишади. Охирги йилларда
республика давлат органлари ва халқаро молия ташкилотлар томонидан тақдим
этилган республика асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар кам фарқланади. Халқаро
молия ташкилотларига ушбу кўрсаткичларни кўтариш ёки пасайтиришнинг кераги йўқ.
Би-би-си:
Шундай бўладиган бўлса, Ўзбекистонда ишсизлик даражасининг юқорилиги,
минг-минглаб одамлар иш топиш илинжида Россия, Қозоғистон ёки бошқа чет
давлатларига чиқиб кетаётгани билан боғлиқ вазиятни қандай изоҳлаш мумкин?
Шуҳрат
Бобохўжаев: Агар гапни шундан бошлаш керак бўлса, айтишим мумкинки, мен 1990
йиллардаги ҳужжатлар билан танишиб чиққанман. Президент ҳам қайд этган, биз
мустақилликка эришган пайтимизда бу муаммолар бор эди. Ўша пайтда ҳам каттагина
ишсизлик мавжуд бўлган. Бу муаммо бизга Совет давридан қолган. Муаммо бугун ҳам
бор ва уни инкор қилиб бўлмайди. Ва бизга маълумки, ҳукумат бу масалалар устида
ишламоқда.
Би-би-си:
Ишсизлик совет давридан бери мавжуд деяпсиз, декин Совет даври тугаб кетганига
бир йил, икки йил ёки беш йил эмас, 20 йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Нима учун бу
муаммолар ҳозирга қадар ҳал этилмай қоляпти, деб ўйлайсиз?
Шуҳрат
Бобохўжаев: Аҳоли сони бизда жуда тез суръатда ўсмоқда. Уларни барчасини
таъминлаш лозим. Ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил қилади. Ўз вақти билан бу
муаммо албатта ҳал қилинади. Шундай деб ўйламан, умид қиламан ва шундай бўлади.
Бунга вақт керак. Мана қаранг, бу муаммо фақат бизда эмас, ривожланган
давлатларда ҳам бор. Масалан, Оврўпони олинг, улар ҳам кураш олиб боришяпти.
Ҳал қилиндими, йўқ. Ишсизлик қайсидир йилда ўсади, қайсидир йилда камаяди. Бу
бозор иқтисодининг хусусиятларидан бири, деб ҳисоблайман
Би-би-си:
Истанбулдан Абдулло: "Ўзбекистондаги ишсизлик даражасини камайтириш, иш
излаб Россия, Қозоғистон, Туркия каби давлатларга минг-минглаб одамлар иш
илинжида бош олиб кетишини олдини олиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун
иқтисоднинг қайси тармоқларига эътибор қаратиш зарур?" дея савол йўллаган.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Аслида бизда хизмат кўрсатиш соҳасида жуда катта имкониятлар бор.
Сайёҳлик соҳасини яхшилаш учун жуда кўп иш қилиниши мумкин. Сайёҳлар боришни
истайдиган жойларимиз ҳам талайгина. Агар шу соҳани тараққий топтирсак,
анча-мунча муаммоларни, жумладан ишсизлик муаммосини ҳам ҳал қилсак бўлади.
Би-би-си:
Тошкентдан хат ёзган Дониёр: "Нега ойликлар жуда паст. Адам олий
малумотли, «Ўзнефтегаз»да ишлайди, маоши 650.000 минг сўм. Оилада 5 фарзандмиз.
Бу ойлик билан яшаб бўладими? Ҳаммамиз ўқиймиз. Фақат адам ишлайди. Аҳоли харид
қувватини ошириш учун ойликни кўтариш керак эмасми?" дея савол берганлар.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Ҳар йил маошларимиз камида икки баробарга ошади. Аммо ойликни ўзини
ошириш билан иш битмайди. Маҳсулот ишлаб чиқариши ҳам ортиши керак. Маҳсулот
билан пулни қувватлантирмаса, у қадрсизланади, бундан фойда йўқ. Шунинг учун
ҳам, биз маошни кўтариш билан баробарида маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам тараққий
эттиришимиз керак бўлади. Нархларнинг кўтарилиши эса... биласизми, бизнинг
иқтисод тобора глобаллашиб бормоқда, шундай бўлганидан кейин жаҳон нархлари
бизга таъсир қилмасдан қолмайди, албатта... Шунинг учун биз ички нархларни
жаҳон нархларига мослаштиришимиз керак бўлади.
Би-би-си:
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда маош миқдори ишловчининг эҳтиёжларини
қоплайдиган даражада дейиш мумкинми?
Шуҳрат
Бобохўжаев: Ойликлар... бунга қандай қарашга боғлиқ. Менимча, бугунги кунда...
бу савол анча оғир савол, бунга биласизми...
Би-би-си:
Россиядан Олимжон: "Нима учун Ўзбекистонда бошқа Марказий Осиёда бўлгани
каби аҳоли учун эркин валюта айрбошлаш ва хорижий ширкатлар учун конвертация
йўлга қўйилмаган?" дея сўраяптилар.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Конвертацияга боғлиқ муаммолар экспортдан келадиган валюта тушумига
боғлиқ. Дарҳақиқат, миллий валютанинг хорижий валюталарга эркин айрбошлаш
масаласида айрим муаммолари мавжуд. Конвертация чеклови тушум ҳажми етарли
бўлмагани сабабидан пайдо бўлади. Бугунги кунда, биринчи ўринда конвертация
билан ишлаб чиқариш саноат корхоналари таъминланади. Чунки, улар ўзларига зарур
ускуна ва жиҳозлар сотиб олиши керак ва мен буни тўғри деб ҳисоблайман. Кейин
экспорт ҳажми ошиши керак.
Би-би-си:
Тошкентдан Хайрулланинг мактубини ўқиб берсам: "Ассалому алайкум Шуҳрат ака.
Сизга шундай саволим бор. Айтингчи, Россияда юз бераётган иқтисодий инқироз
бизга қанчалик таъсир қилиши мумкин? Умуман, Россия бундай вазиятда
Ўзбекистонга нисбатан илгаригидек ҳукмронлик қилиш позициясини ушлаб
тураверадими ёки бироз ён бериши мумкинми? Жавоб учун олдиндан катта
раҳмат!"
Шуҳрат
Бобохўжаев: Бизнинг Россия билан алоқаларимиз жуда яхши, дўстона ва тарихий
асосларга эгадир. Мамлакатларимиз жуда кўп томондан бир-бири билан боғлиқ. 2013
йилда ўзаро савдо алоқаларимиз 4 миллиард АҚШ долларидан ортиб кетди. Бу жуда
салмоқли сон. Албатта, Россиядаги иқдисодий муаммолар бизнинг иқтисодда ҳам
аксланади. Чунки, Россия бизнинг маҳсулотларимизни сотиб олишда муаммоларга дуч
келади. Талаб озаяди. Бу ўзаро боғлиқ бир жараёндир. Агар вазият у ерда яхшиланса,
биздаги иқтисод ҳам анча тикланади. Ўтган йил бизнинг раҳбарларимиз учрашишди
ва ўзаро келишиб олишди. Ўзбекистон Россияга экспорт қиладиган қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларини оширадиган бўлди. Бу жуда яхши бир муждадир.
Би-би-си:
Россияда минг-минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари фаолият қилишади.
Бугунги инқироз уларнинг иш фаолиятига, ватанларига юбораётган пул
ўтказмаларига тўғридан-тўғри таъсирлари ҳақида нима дея оласиз?
Шуҳрат
Бобохўжаев: Биласизми, албатта, рус рублининг тушиб кетиши ўзбекистонлик
муҳожирларнинг маошларига таъсир қилади. Ватандошларимиз учун бу яхши эмас. У
ердан жўнатиладиган маблағлар озаяди. Лекин... икки мамлакат ўртасида алоқалар
ва ёки фуқароларимизнинг Россияга сафарлари, ишлашларига бирор тўсиқ йўқ,
менимча...
Би-би-си:
Шуҳрат ака, суҳбат учун раҳмат! Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса,
марҳамат.
Шуҳрат
Бобохўжаев: Жорий йилда барчага катта муваффақиятлар тилайман. Ҳар бир уйда
тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик бўлсин. Тинч ва бахтиёр дунёда яшайлик.